BAT – British American Tobacco Uzbekistan
Tur 360 Kontaktlar

Tamaki maxsulotlarining ulgurji oldi-sotdi shartnomasi tuzish bo‘yicha tartibi

Тамаки маҳсулотларини улгуржи сотиш бўйича шартнома тузиш тартиби

Тамаки маҳсулотларини улгуржи сотиш бўйича шартномалар тузиш тартиби (бундан буён матнда – Тартиб деб юритилади) “УЗБАТ” АЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализацияси билан шуғулланувчиларни танлаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1.1. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуни, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан ишлаб чиқилган.

1.2. Тартибнинг мақсади “УЗБАТ” АЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ реализация қилувчиларни танлашни тартибини белгилаш ҳисобланади.

2-боб. “УЗБАТ” АЖ ҚК маҳсулотларини улгуржи савдоси билан шуғулланиш истагида бўлган талабгорларга нисбатан умумий талаблар

2.1. “УЗБАТ” АЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализацияси билан шуғулланувчи корхоналар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак.

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахслар;

б) қонунчиликда белгиланган тартибда тамаки маҳсулоти улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланишни бошлаганлик тўғрисида хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги;

в) уларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилмаганлиги.

3-боб. Улгуржи шартнома тузиш бўйича қўйиладиган махсус талаблар

3.1. “УЗБАТ” АЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализацияси билан шуғулланувчи корхоналар қуйидаги махсус талабларга жавоб бериши керак.

а) “Asl belgisi” тизимидан рўйхатдан ўтганлиги;

б) электрон рақамли маркировкалаш тизимининг мавжудлиги;

в) улгуржи савдо фаолияти амалга ошириладиган ҳудудда тамаки маҳсулотларини сақлаш, қабул қилиш ва тарқатиш учун мўлжалланган

4-бобда келтирилган талабларга мос омборхона мавжудлиги;

г) фақат тамаки маҳсулотларини ташишга мўлжалланганкамида иккита юк автотранспорт воситаларининг (қонунчилик талабларига мувофиқ бўлган) мавжудлиги;

д) маҳсулотларни тарқатиш учун автотранспорт воситаларига эга бўлган камида 10 нафар савдо вакили мавжудлиги;

е) мазкур Тартибнинг 1-иловасида белгиланган тамаки маҳсулотларини реализацияси билан шуғулланиш даврида Талабгор томонидан сўзсиз риоя қилиниши.

4-боб. Тамаки маҳсулотларини сақлаш ва ташишга бўлган талаблар

4.1. Тамаки маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган майдони 50 кв.м.дан кам бўлмаган омборхона ҳамда қуйидаги талабларнинг барчасига бир вақтда жавоб бериши керак.

4.1.1. Тамаки маҳсулотларини сақлаш шароитлари уларнинг истеъмол хусусиятларининг бузилиши ва сифати ўзгаришининг олдини олиш мақсадида сақлаш омборлари қуруқ, тоза, бегона ҳидларсиз, намликдан ҳимояланган, +5C ° дан +30C ° гача хароратда, нисбий намлик даражаси 50-70 фоизни ташкил этиши лозим.

4.1.2. Тамаки маҳсулотларини бегона ҳидлар, хушбўй ҳидлар чиқарадиган маҳсулотлар (масалан, парфюмерия, маиший кимё, бўёқлар, лаклар ва бошқалар) ҳамда паразитлар билан зарарланиш хавфини оширадиган маҳсулотлар (масалан, зираворлар, шоколад ва бошқалар каби озиқ-овқат маҳсулотлари) билан бирга сақлаш тақиқланади.

4.1.3. Савдодан қайтган тамаки маҳсулотлари бошқа маҳсулотлардан алоҳида сақланиши учун жой (хона, поддон, стеллаж) мавжуд бўлиши лозим.

4.1.4. Тамаки маҳсулотларини сақлаш омбори полининг баландлиги ер сатхидан камида 50 см юқорида бўлиши лозим.

4.1.5. Тамаки солинган қутилар ёғоч полга ёки тўшамага ёхуд полдан камида 10 см баландликдаги ёғоч ғўлаларга хаво айланиши учун оралиқ қолдириб жойлаштирилиши керак.

4.1.6. Тамаки қутилари пастки қутининг эзилишига йўл қўймайдиган баландликда тахланиши, тахланган қутилардан иссиқлик манбаигача ва деворларгача бўлган масофа бир метрдан кам бўлмаслиги шарт.

4.1.7. Омборда ҳарорат ва намликни ўлчаш учун асбоблар билан жиҳозланган бўлиши керак. Кўрсаткичларнинг ўлчовлари ҳар куни, омбор иш жадвалига мувофиқ амалга оширилиши ва қайд этилиши керак.

4.1.8. Тамаки маҳсулотлари сақлаш учун мўлжалланган омборлар ёнғин хавфсизлиги барча талабларига жавоб бериши ва ёнғинга қарши ускуналар шунингдек ёнғин сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши, ёнғин хавфсизлиги учун масъул шахслар белгиланган бўлиши лозим.

4.1.9. Зараркунандалар билан кураш чоралари (эшиклар маҳкам ёпилиши, тамаки зараркунандалари учун тузоқлар ўрнатиш ва уларни назорат қилиш) кўрилган бўлиши зарур.

4.1.10. Маҳсулотлар палетларда сақланаётганда палетдаги йиғилиш баландлиги 3 метрдан ошмаслиги, тайёр маҳсулотларни икки қатордан ортиқ сақламаслик, юқори палет пастки палетга қўйилиши ва қатъий ёстиқли материалдан фойдаланиш, картон қутининг қаттиқлаштирувчи енглари вертикал ҳолатда бўлиши, очиқ қутилар палетнинг фақат юқори қатламига жойлаштирилиши лозим.

4.2. Тамаки маҳсулотларини ташишга бўлган талаблар қуйидаги талабларнинг барчасига бир вақтда жавоб берадиган бўлиши керак.

4.2.1. Талабгорга тегишли ёки ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишда бўлган камида икки дона юк ташишга мўлжалланган транспорт воситасининг мавжудлиги;

4.2.2. Юк ташиш нормаларига риоя этишлари, тамаки маҳсулотлари сифатли сақланишини ва хавфсизлигини таъминланиши;

4.2.3. Транспорт воситалари ёпиқ, қуруқ, тоза ва бегона ҳидлардан холи бўлиши;

4.2.4. Транспорт воситаларига солинган қутилар, пастки қават қутилари шаклининг бузилишига йўл қўймайдиган тарзда жойлаштириш имкони мавжудлиги.

5-боб. Талабгор томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар

5.1. “УЗБАТ” АЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида улгуржи шартномани тузиш истагида бўлган ҳамда 2, 3 ва 4-бобда белгиланган талабларнинг барчасига жавоб берадиган талабгорлар uzbat_info@bat.uz электрон манзил орқали шифрланган ҳолда ёки “УЗБАТ” АЖ ҚКнинг Юнусобод тумани, Минор тор кўчаси, 77-уй манзилига ёпиқ конвертда оферта билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади.

а) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома;

б) назорат-касса машинаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотнома;

в) тамаки маҳсулоти улгуржи савдоси билан шуғулланишни бошлаганлик тўғрисида хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома;

г) талабгорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилмаганлиги тўғрисида Давлат активларини бошқариш агентлигининг маълумотномаси;

д) Талабгорнинг якуний бенефициарлари тўғрисидаги маълумот (фуқаролигини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга тегишли ҳужжатларни кўрсатган ҳолда);

е) “Asl belgisi” тизимидан рўйхатдан ўтганлик тўғрисида ҳужжат;

ж) электрон рақамли маркировка билан ишлаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналарнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;

з) омборхоналар, савдо дўконлари, автотранспорт воситалар ва савдо вакиллари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

и) мазкур Тартибнинг 1-иловасида белгиланган тамаки маҳсулотларини улгуржи савдоси билан шуғулланиш даврида Талабгор томонидан сўзсиз риоя қилиниши тўғрисида кафолат хати.

6-боб. Улгуржи шартнома тузиш бўйича талабгорнинг мурожаатини кўриб чиқиш тартиби

6.1. “УЗБАТ” АЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализацияси билан шуғулланиш истагида бўлган Талабгорнинг мурожаати келиб тушган кундан бошлаб 20 календарь куни ичида таркиби мазкур тартибга

2-иловада келтирилган Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади. Мурожаатни кўриб чиқишга қўшимча вақт талаб этилганда, Ариза берувчига хабар берган ҳолда ўрганиш вақти узайтирилиши мумкин.

6.2. Махсус комиссия келиб тушган мурожаатни кўриб чиқиш муддати давомида ҳужжатларни текшириши, заруратга кўра мустақил равишда давлат органларидан сўровнома орқали олиши, объектларни жойига чиқиб ўрганиши, ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун “УЗБАТ” АЖ ҚКнинг ходимлари таркибидан ёки ўз ҳисобидан бошқа шахслар ва/ёки эксперт жалб этиш, шунингдек, талабгорнинг шартнома тузишга оид талаб ва шартларга мувофиқлигини белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.

6.3. Махсус комиссия мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича тамаки маҳсулотларининг улгуржи олди-сотди шартномасини тузиш ёки шартнома тузишни рад этиш тўғрисида хулоса беради.

6.4. Махсус комиссия қуйидаги ҳолларда мурожаатни кўриб чиқмай туриб шартнома тузишни рад этиш тўғрисида хулоса беради:

а) талаб қилинган ҳужжатлар ва маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

б)талабгорнинг Махсус комиссия вакилларини объектларни жойига чиқиб ўрганишга йўл қўймаслиги ва ҳар қандай усуллар билан тўсқинлик қилганда;

в) мурожаат тақдим қилинган кундан бошлаб хулоса қабул қилингунга қадар мурожаат қайтариб олинганда.

6.5. Махсус комиссия қуйидаги ҳолларда мурожаат натижалари бўйича шартнома тузишни рад этиш тўғрисида хулоса беради:

а) талабгор ушбу тартибнинг 2, 3 ва 4-бобларида белгиланган талабларга жавоб бермаганда;

б) талабгор ушбу тартибнинг 5-бобида белгиланган ҳужжатларни тўлиқ тақдим қилмаганда;

в) ариза келиб тушган пайтда (ўрганиш даврида ва/ёки қарор қабул қилингунча) “УЗБАТ” АЖ ҚКнинг ишлаб чиқариш ва бизнес режаси ва/ёки имкониятлари бўйича қўшимча маҳсулот ишлаб чиқаришнинг иложи йўқлиги;

г) талабгор/бенефициарларнинг даромадлари жиноий фаолиятни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштирилганлиги ва/ёки ушбу шахсларга нисбатан халқаро санкциялар қўлланилганлиги аниқланган тақдирда.

6.6. Махсус комиссия томонидан хулоса қабул қилингунга қадар Талабгор томонидан тақдим этилганларга қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин.

6.7. Махсус комиссия томонидан Талабгор билан улгуржи шартнома тузиш рад этиш Талабгорнинг қайтадан мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

6.8. Махсус комиссиянинг ижобий хулосаси Талабгор билан “УЗБАТ” АЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида улгуржи савдоси билан шуғулланиш шартномасини тузиш учун асос ҳисобланади.

7-боб Якуний қоидалар

7.1. Ушбу Тартибда Талабгорга нисбатан белгиланган талаблар Талабгор томонидан “УЗБАТ” АЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини реализациясибилан шуғулланиш бутун даврида амал қилади.

7.2. Тарафлар ўртасида улгуржи шартнома тузилгандан сўнг, ушбу Тартибда белгиланмаган қоидалар, шартномани ўзгартириш ва тугатиш тартиби шартнома шартларида келишилади.

7.3. “УЗБАТ” АЖ ҚК Талабгор томонидан мазкур тартибда белгиланган талабларга риоя қилинаётганлиги устидан доимий мониторингни амалга оширади.

7.4. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилган.

Тамаки маҳсулотларини улгуржи сотиш бўйича шартномалар тузиш тартибига 1-илова

“УЗБАТ” АЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан фаолияти давомида сўзсиз риоя қилинадиган талаблар

1. Тамаки маҳсулотини ташиш, сақлаш ва тарқатиш фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик хужжатларига ҳамда Компаниянинг қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш.

2. Тамаки маҳсулотлари сотиладиган жойларни тамаки маҳсулотларининг истеъмоли зарари тўғрисида ҳамда тамаки маҳсулотларини 21 ёшдан кичик бўлган шахсларга сотиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш ёзувлари билан таъминлаш.

3. Тамаки маҳсулотлари улгуржи ва чакана савдосида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда “Асл белгиси” тизими билан интеграция қилинган электрон ҳисоб-варақ фактура билан ишлаш.

4. Тамаки маҳсулотларини етказишда камида 5 кун олдин 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириш.

5. Ҳар олти ой ичида камида 10 хил тамаки маҳсулотлари ва ушбу тамаки маҳсулотларининг ҳар биридан камида 25 минг қадоғига (истеъмол қадоғи) буюртма бериш ва сотиб олиш.

6, Камида 1 йиллик шартнома тузиш ва шу йил ичида сотиб олинадиган тамаки маҳсулотларининг ҳажмини келтириш.

7. Компаниянинг тегишли санкция қоидалари, ноқонуний савдони олдини олиш, тадбиркорликни юритиш қоидалари, жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштиришга қарши қаратилган қоидалари, коррупция ва порахўрликга қарши қоидалариб молиявий жиноятларга қарши қоидалари ва масъулиятли маркетинг олиб бориш қоидаларига риоя қилиш.

8. Компаниянинг санкцияларга оид қоидаларига риоя қилинишига кафолат хати (шартнома тузилгандан сўнг даврий асосда тақдим этилади).