Размер шрифта    A A    |    Цвет фона    А А Полная версия сайта
    Кўзи заифлар учун мосланган сайт версияси

    Баҳорги бир сўм кузги ўн сўмга тенг ёки кластер тизими самаралари

    Деҳқон учун етиштираётган ҳосилини даромад оладиган даражада сотиш ва бу масалада аниқ ишончга эга бўлиш экин учун сув ва қуёш қанчалик муҳим бўлса, шундай аҳамиятли саналади. Тўғри, деҳқончилик таваккал иш деб кўп айтилади, об-ҳаво шароити, сувнинг нечоғлик бўлиши, ҳосилнинг чўғи баланд бўлса-да, аммо бозорда унинг нархи кескин тушиб кетиши хавфи каби табиат ва бозорнинг қатор инжиқликлари деҳқонни йиллар давомида пишитиб боради. Аммо таваккалчиликнинг ҳам қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш мумкин экан. Яъни, ушбу инжиқликларни меъёрида ушлаб турадиган ва фермерни бу масалада қўллаб-қувватлайдиган бир тизим бор. Бу кластер тизими.

    Кейинги йилларда мамлакатимизда кластер тизими жорий этилиб, айниқса, пахтачиликда уни қўллаш ҳаракати бошлаб юборилди. Мазкур амалиётни анчадан бери қўллаб келаётган фермерлар билан суҳбатлашар эканмиз, ушбу тизимнинг фермерлик ривожи учун қанчалик муҳим аҳамият касб этиши намоён бўлди.

    Масалан, Ургут туманидаги «Аҳат бобо» фермер хўжалигида сабзавотлар, ғалла билан биргаликда тамаки экини ҳам экилади. Фермер хўжалиги бошлиғи тамаки етиштиришда «Бритиш Американ Тобакко - Ўзбекистон» билан ҳамкорлиги нималардан иборатлигини гапириб берди.

    - 57 гектар ернинг 22 гектарига ғалла, 6 гектарига узум, 5 гектарига сабзавот ва бошқа экинлар етиштирамиз, - дейди фермер Пўлат Асланов. – 10 гектар еримизга тамаки экиб, ҳосил етиштирамиз, тумандаги ЎзБАТ корхонаси билан ҳамкорлигимизга ҳам қарийб 20 йил бўлди. Биласиз, Ургут туманида бу ўсимлик бир неча ўн йилликлардан бери етиштирилади. Айни пайтда бу ўсимлик парвариши аввалги йиллардагидан кўра кескин фарқ қилади. Келинг, ҳамкорлигимиз нимадан иборатлигини батафсил тушунтириб берай.

    Биринчи иш шартнома тузишдан бошланади. Кўпчилик шартнома деганда унинг аксарият вазифалари бажарилмайдиган, баъзида ҳатто номига тузиладиган ҳужжатни тушунади. Аммо бизнинг ҳамкорлигимизда шартномадаги ҳар бир банд вақти-вақти билан бажариб бориладиган, амалиётга тадбиқ этиладиган ҳужжат. Шунинг учун уни имзолаш, ҳар бир бандини синчиклаб ўқиб бориш кераклигини яхши тушунамиз. Хуллас, шартномадаги вазифалар баҳорнинг илк ойидан бошлаб чин маънода ишлай бошлайди. Экин-тикин ишларига эрта кўкламдан киришамиз. Бу  деҳқоннинг йиққан-терган пулларини сарфлаб, анча камхаржроқ бўлиб турган пайти. Уруғлик иссиқхонага экилиб, кўчат тайёрлаш керак. Шундай пайтда корхона иссиқхона учун зарур бўлган барча хомашёни етказиб беради: плёнкадан тортиб,  экин асбоблари, уруғликкача дала бошига келтириб берилади. Ҳатто 25 фоиз миқдоридаги аванс пули ҳам тарқатилади. Отам ҳам деҳқон бўлган, у киши доим бир гапни бизга уқтирардилар: баҳорда берилган бир сўм кузги ўн сўмдан зиёдроқ деб. Шу гап ҳар доим амалда ўз исботини топганига гувоҳ бўлганман.  «Бритиш Американ Тобакко - Ўзбекистон»  томонидан берилган аванс пули шу пайти деҳқон учун айни муддао бўлади, қолаверса, бу экин қилишга рағбат беради. Фақат шу билангина чекланиб қолинмайди. Ҳар икки-уч нафар фермерга ташкилот томонидан маош тўланадиган агроном мутахассис бириктирилган. Улар ўсимликнинг ривожланиши, қандай касалликларга чалинаётганини кузатиб боради. Ўз вақтида берилган мутахассис тавсияси, касалликларга қарши вақтида кўрилган чоралар туфайли экин талафотларга учрамай, баравж ривожланади. Бу орада турли қийинчиликлар келиб чиқиши мумкин. Дейлик, ўтган йиллар давомида сув масаласида анча қийналдик. Корхонага бу ҳақда мурожаат қилгандик, артезиан қудуғини таъмирлашга ёрдам беришга ваъда берди. Кўп ўтмай ваъда бажарилди, 56 миллион сўм сарфланиб, экинларни суғориш учун оби ҳаёт масаласи муаммо бўлмай қолди. Ундан табиийки, бошқа экинларимизни суғоришда ҳам фойдаланмиз.

    Кейинги босқич, яъни экинни йиғиб-териб олишда ҳам корхона дала бошидан бизга далда бериб туради. Ишчилар фақат дала бошига қадар ҳосилни чиқариб беришади. Уни қадоқлаб олиб кетиш ҳам корхонанинг зиммасида. Экинни олиб бориш учун трактор топиш каби масалалар ҳақида бош қотирмаймиз. Етиштирилган маҳсулот корхонага етиб бориши билан қисқа муддат ўтгач маблағ фермер хўжалигимиз ҳисоб рақамига келиб тушади. Тўғрисини тан олиб айтишим керак: ушбу ташкилот туфайли солиқларни вақтида тўлаймиз, ишчи ходимларга бериладиган маблағ учун  улардан тушадиган молиявий кўмак ўз вақтида бўлади.

    Дарвоқе, «Аҳат бобо» фермер хўжалигида 40 нафарга яқин киши иш билан банд. Улар билан меҳнат шартномаси тузилган, меҳнатига қараб ҳақ тўлаш тизими йўлга қўйилган экан.

    Ушбу тумандаги Ипакли маҳалласида жойлашган «Меҳнат» фермер хўжалиги раҳбари Бекназар Холиқов ҳам қарийб шундай фикрларни билдирди. Қўшимча сифатида айнан тамаки экишдан қанча даромад қилишини ҳам яшириб ўтирмади.

    -  «Бритиш Американ Тобакко - Ўзбекистон» билан ҳамкорлигимизга 20 йилдан ортиқроқ вақт бўлди, - дейди Б.Холиқов. – Тўғри, бундан анча йиллар аввал маҳсулотга тўланадиган нарх пастроқ, деб бироз норози бўлган жойимиз бор эди. Аммо ҳозир вазият тубдан ўзгарди. Биз ушбу ташкилот билан ҳамкорликнинг барқарорлигидан розимиз. Сўзимни яхшироқ тушунтириш учун мисол келтиришим мумкин. Мева-сабзавот топшириш мақсадида уни қайта ишловчи корхоналар билан ҳам ҳамкорлик қилишимизга тўғри келади. Аммо улар билан тузилган шартнома нарх-наво очиқ қолади. Ҳосилни етиштириш билан боғлиқ муаммолар корхонани деярли қизиқтирмайди. Яъни улар даламизнинг қаерда жойлашганидан ҳам бехабар. Ҳосилни йиғиб, тракторга жойлаб, олиб боргач ҳам сарсон бўлган ҳолларимиз бўлган. Энг ёмон томони, бозорда ушбу маҳсулотнинг нархи тушиб кетса, икки баравар кўпроқ овора бўламиз.  Аммо ЎзБАТ билан ишлаш жараёнида бу каби вазиятларга ҳеч қачон тушмадик. Шартномадаги барча шартлар тўла-тўкис амалга оширилади. Белгиланган нарх йил бошида қандай бўлса, ҳосил йиғиштириб олинганда ҳам шундайлигича қолади. Экинларни ҳар йили алмашлаб экамиз, бу уларнинг ҳосилдорлигига ижобий таъсир қилади. 25 нафар аҳоли айнан тамаки экинида ишлайди, уларга меҳнат дафтарчалари очилган. Режа бажарилмай қолган мавсум бўлмаган, аммо шундай бўлган тақдирда ҳам чора кўрилиши белгиланмаган. Йил давомида барча агротехник тадбирлар амалга оширилган, экинга ишлов берилиши, агрономнинг ўз вақтидаги маслаҳатлари, ишчиларнинг қанча фойда кўриши аниқ бўлгани ҳолда ишлаши – экин ҳосилдорлигига ижобий таъсир кўрсатадиган омиллардир. Бундай ҳамкорлик, айниқса, яхши ишлайдиган фермерларга корхона томонидан қўшимча ёрдам кўрсатилиши, кишига рағбат беради.

    Фермернинг айтишича, ҳар йили 10 гектар ерга экиладиган тамаки экинидан 60 миллион сўмга яқин даромад олади. Сентябрь-октябрь ойларида тамаки экини йиғиштириб олингач, ўрнига ғалла экилиши деҳқон учун жуда қулай.

    Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Ургут туманида 2016-2018 йиллар давомида 600 дан зиёд фермер хўжаликлари тамаки етиштириш билан шуғулланган. Қишлоқ хўжалиги иқтисоди илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, фермер хўжаликлари тамаки экини экилган ҳар гектар майдондан 1,7 миллион сўмдан 4-5 миллион сўмгача даромад олади.

    Шунингдек, «Бритиш Американ Тобакко - Ўзбекистон» томонидан фермер хўжаликларига берилган моддий бўнакларнинг 61 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқилган маҳсулотларни ташкил қилган.